TARJIMAI HOL

“Бошимдаги рўмолим ўзбек халқига бўлган ҳурматимдан”

“Рўмолим”, “Дуо беринг отажон”, “Кўпкари”, “Соҳибқироним”, “Онамдан ўрганганман” қўшиқлари санъатга бўлган муҳаббати, шижоати, ширали овози билан мухлислари қалбидан жой олган Наргиза Азимова бир он бўлса ҳам ижоддан тўхтагани йўқ. “Эл суйган рўмолли санъаткор”, деб эътироф этилаётган ҳушовоз хонанда Наргиза Азимова билан мазмунли суҳбат қуриб, диллашувни муштарийларимизга ҳам илиндик.

— Мухлис борки, санъаткорнинг шахсий ҳаёти ҳақида ҳам билишни истайди. Ўзингиз ҳақингизда тўлиқроқ гапириб ўтсангиз?
— Мен Сурҳандарё вилояти Ангор тумани Талимарон қишлоғида туғилганман. Ёшлигимдан далада кетмон чопиб ўсган оддийгина қизман. Ўша вақтларда қизлар билан қўшиқ хиргоя қилиб юрар эдик. Қўшиқ айтиш жону дилим эди ва шу қизиқишим мени пойтахтга олиб келди. Ўзбекистон санъат ва маданият институти (драма-кино йўналиши)га ҳужжат топширдим. Ўқишни тугатганимдан буён Ўзбекистон Давлат Филармониясининг Ўзбекистон қўшиқ ва рақс дастасига яккахон қўшиқчи бўлиб ишга қабул қилинганман.

— Ўзбек классикасида ҳам бемалол куйлаш маҳоратига эга санъаткорсиз. Овозингиз устида узоқ ишлаганмисиз?

— Овозим устида умуман ишлаган эмасман. Ҳатто вокалга ҳам бормаганман. Қачон қўшиқ айтгим келса, қаерда бўлишимдан қатъий назар айтавераман. Устозлар ашуласини кўп эшитаман ва уларга ўхшаб айтгим келади. Мен шунчаки қўшиқ куйламайман, чиройли оҳанг шайдосиман. Халққа ёқадиган қилиб, баланд пардаларда айтишни яхши кўраман. — “Рўмолим”, “Онамдан ўрганганман” номли албомлардан сўнг учинчисига ҳам қўл урдингиз аммо нега клиплар ишламайсиз? Клип мухлисларингиз сони ортишига хизмат қилади-ку?

— Қўшиқларимга клип ишламаётганим ҳақида жуда кўп эътирозлар эшитганман. Лекин мен клип олиш ниятида эмасман. Харажатидан қочиб эмас, шунчаки халқ менинг овозимга баҳо берсин. Овозим орқали уларнинг қалбидан жой олишни истайман. Санъаткорнинг клипи, кийими иккинчи даражали нарсалар.
— “Менинг шу даражага етишимда устозларимнинг ҳиссаси катта” деб доим такидлайсиз. Устозларингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?
— Энг биринчи устозларим, афсуски, яқинда оламдан ўтган Ниёзхон Умаров, Ўзбекистон ансамбилида мусиқа раҳбари, энг яхши дуторчилардан бири Исматулла Раҳматуллаев эди. Афсуски, яқинда оламдан ўтишди… Илоҳим, жойлари жаннатдан бўлсин! Ҳозирги азиз устозим Ўзбекистон санъат арбоби, профиссор Темур Маҳмудовдан санъатнинг сирларини ўрганяпман. Яна бир нарсани айтиб ўтишим керак. Дилнура Қодиржонованинг қўшиқларини ҳар доим эшитиб тураман (руҳи шод бўлсин). Назаримда бунчалар ширали, энг баланд пардаларга чиқадиган овоз бошқа бўлмаса керак. У – чин маънодаги устозларимдан бири.
— Бошқа аёл хонандалардан фарқли равишда рўмол ўраб олгансиз. Бу ҳам бир имижми?
— Йўқ, бу имиж ёки бошқалардан ажралиб туришни истаганим учун эмас. Ота-онам пойтахтга келишимга рухсат бермаганлар, шунда уларга: “Қишлоқдан қандай чиқиб кетсам, шундай юраман. Мен ўзимни элга танитиш учун эмас, қўшиқ айтишни севганим учун Тошкентга боряпман”, – деган эдим. Уйдан уларнинг дуосини олибоқ қизил рўмол, қизил кўйлакда пойтахтга келганман. Ота-онамга берган ваъдамга бу йил ўн етти йил бўлди. Худога шукур, фарзандлик бурчимни адо этиб, санъатим орқали эл хизматида юрипман. Мен ўзимни кўз-кўз қилишни истамайман! Наргиза Азимова оддий қишлоқ фарзанди, холос.
— Қайси санъаткорлар билан ижодий алоқалар ўрнатгансиз, фикр алмашиб турасиз?
— Тўғриси, ҳеч бир санъаткор билан яқиндан алоқа ўрнатган эмасман. Лекин ҳаммасини бирдек хурмат қиламан. Қайси ҳамкасбим билан байрам – тадбирларда кўришиб қолсак, салом-алик қилиб, сухбатлашамиз, холос.
— Эстрада оламига ҳам бефарқ бўлмасангиз керак?
— Устоз санъаткорларни тинглаш билан бир қаторда эстрада ижодкорларига ҳам бефарқ эмасман. Айниқса, Зиёданинг қўшиқлари менга жуда ёқади. — Халқнинг тўй ва бошқа маросимларига таклиф этишса, бориб турасизми? 
— Албатта, таклифлар жуда кўп бўлади. Халқ хизматларига, давлат тадбирларига боришга доим тайёрман. Санъаткор мухлислари учун қўшиқ айтади, унинг яхши кунларида камарбаста бўлади. Хатто йўлда ёш бола тўхтатиб “Наргиза опа, “Жонон бўламан”ни айтиб беринг”, деб қолса, бажонидил айтаман. — Март ойида концерт беришингиз керак эди. Нима сабабдан қолдирилганини маълум қилмадингиз?
— Катта тайёргарликлар билан икки кун жонли ижрода концерт уюштиришни мақсад қилган эдим. Лекин устозим Ниёзхон Умаров оламдан ўтиб қолдилар. Бу менга қаттиқ зарба бўлди ва концертни қолдиришга мажбур бўлдим. Худо хоҳласа, кейинги йил баҳорда концертимни халққа тақдим этиш ниятидаман.
— Келажакдаги энг олий мақсадингиз?
— Халқнинг ишончини оқласам, уларга қўшиқларим манзур бўлса, элнинг дуосини олиб, ижодимни янада ривожлантирсам дейман.
— Ижодингиз бундан–да гуллуб – яшнасин! Элнинг дуосини олиб, ширали овозингиз қалбларни забт этишига тилакдошмиз. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!
— Фақатгина санъаткорни эмас, ҳар битта касб эгасини халқнинг назаридан қолмасин. Шу даражага етишимга кўмаклашган, аммо дунёдан ўтган устозларимни Худо раҳмат қилсин! Ҳозир ҳам ёнимда тиргак бўлиб турган устозларим, ота-онам, дўстларим – барчасининг умрлари узоқ бўлсин. Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин. Биз санъаткорлар элнинг яхши кунларида беминнат хизматда бўлиб юрайлик. Шуларнинг дуоси билан парвозимиз баланд бўлади!..

foto va video

galereya

Istalgan vaqtda bizga yozing yoki qo'ng'iroq qiling!

Bog'lanish

Xabar yuborish